Erkin Vohidov hikmatlaridan

Abituriyent ruxsatnomasi 2022 yuklab olish:

Шеър шоир қалбида туғилган ҳаётий туйғуларни ифода қилади ва шу билан ўқувчи юрагини ром қилади. Шоир ўзи ёнмаса, бошқаларни ёндиролмайди, қалб ҳисларида оташ бўлмаса, бошқа қалбларга ҳарорат беролмайди. Бу сеҳрли оташсиз ҳар қандай шеърий жимжималардан, бадиий воситалардан, маҳоратдан наф йўқ.

Бу оламда йўқотишлар ичидаги энг оғир йўқотиш инсоннинг ўзлигини йўқотишидир. Одамзод тафаккур ва эҳтирос, руҳият ва имон дунёсида яшайди. У юрагидаги эътиқод билан, ишонч билан тирик ва бутун. Ўзликни йўқотмоқ ана шу оламдан жудо бўлмоқдир, инсон иморатидаги рукнларнинг – устунларнинг синмоғидир.

Истеъдод – бу аввало дид, яхши дид эгаси бўлиш қобилияти, дегувчилар ҳам бор. Истеъдод – бепоён тушунча. У таърифга сиққанда эди, уни маълум хусусиятлар доирасида чегаралаш мумкин бўлганда эди, одамлар йўқ истеъдодни тарбиялаб бор қилган бўлардилар. Горький, истеъдоднинг 99 фоизи меҳнат деганини туғма истеъдоди бўлмаган одам меҳнат билан чинакам шоир ёки бастакор бўлиши мумкин деб тушунмаслик керак. Ҳар қалай 99 дегани юз эмас. Сув нормал шароитда юз градусда қайнайди. 99 градус исиган сув – қайнаган сув эмас. Форс тилида қайнашни “жўшидан” дейди. Яъни жўшмоқ. Шеърият ҳам жўшмоқдир. Жўшмоқ учун эса 99 фоиздан ташқари ўша камтарин бир фоиз – яъни туғма истеъдод керак.

Tavsiya etamiz: Konfutsiy saboqlari va hikmatlari

Шоирликнинг “қора иши”ни кўз олдига келтирмай, бу номнинг ўзига, обрў ва шуҳратига қизиқиб шеърият майдонига интилганлар хато қиладилар. Кўпинча бундай хато жуда қимматга тушади. Хато қилган одам учун ҳам, шеърият учун ҳам. Шу сабабли “ёшларга ғамхўрлик” деганда фақат уларни қўллаб-қувватлаш йўғини бор қилиб кўрсатиш эмас, балки уларга рост гапни айтиш, янглишишдан қайтариш ҳам тушунилади.

Бизнинг саводхон асримизда, айниқса, адабиётда истеъдод билан ҳаваскорликни ажратиш мушкул бўлиб қолди.

Ўқувчи учун авторнинг ёшу қариси, унвонли, унвонсизи йўқ. У ҳамиша ёзилган сатрларга қараб муаллифга ўз муносабатини билдиради: ё қалбига жо қилади, ё унутади, йўқликка маҳкум этади.

Инсонга бир марта бериладиган ҳаётда у умридан, ўтган кунидан қониқиб яшаши керак. Виждонига хилоф иш қилмай яшаса – бундан улуғ бахт йўқ. Ҳар бир айтган сўзинг, ишинг ўзингнинг хоҳишингга мувофиқ бўлса – энг катта бахт шу. Аксинча, инсоннинг ўз ички интилишлари, қалби, эътиқоди, сўзи билан иши ўртасида зиддият пайдо бўлса, виждони буюрганини қилолмаса, бу – инсон учун жуда катта бахтсизликдир.

Адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи аввало сўз санъатининг келажаги тўғрисида қайғуришдан бошланади.

Рақобатли дунёда китобнинг қудратли, сеҳргар рақиблари кўп.

Ҳар бир миллатнинг келажаги истаймизми-йўқми, ўқитувчилар савиясига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Биз эндиликда шўроча мафкурадан, адабий мезонлардан бутунлай қутулдик. Адабиётимизни, хусусан, мумтоз адабиётимизни бутун бўй-басти билан кўрсатадиган вақтлар келди.

Мумтоз адабиётимиз намуналари орасида баъзан шундай байтлар, мисралар борки, уларни мутолаа қилган инсон қалби ва руҳиятида ажиб бир ўзгариш, покланиш содир бўлганини ҳис этади. Бу ғазаллар оддий илҳом лаҳзаларида эмас, илоҳий илҳом тўлқинларидан туғилган бўлса ажабмас. Болаларимиз мана шу бебаҳо ва беқиёс маъволардан бебаҳра қолмаслиги керак.

Шоир, ёзувчилар тўйга юрмайдилар, телевизорда чиқишдан манфаатлари йўқ, ойнаи жаҳондан ўзларини тортиб юрадилар. Бу тўғри эмас, албатта. Элга кўриниб туриш, эл ичида бўлиш одамларда адабиётга, китобга меҳр уйғотиш учун керак. Ахир меҳр кўзда деган гап бекорга айтилмаган.

Биз ўзбекларда истиҳола кучли. Ўзни намоён қилишдан тортинамиз… Энди ўша истиҳолани йиғиштириб, халқ билан мулоқотнинг ҳамма шаклларидан фойдаланишимиз лозим. Бу замон олдидаги, Ватан олдидаги бурчимиздир.

Адабиёт ҳамиша маънавиятнинг олдинги қаторида борган ва шундай бўлиши керак.

Tavsiya etamiz: Muvaffaqiyat haqida aforizmlar, hikmatlar

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting